Жорий йил 26 сентябр куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасининг "Ballroom 2" залида “Халқчил IPO” дастури доирасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (ЎзРТХБ) акцияларини оммавий жойлаштириш (SPO)нинг “Roadshow” тақдимоти бўлиб ўтади. Мазкур тадбир мамлакатнинг етакчи давлат компанияларига кенг аҳоли қатламларини инвестиция киритишга жалб қилиш учун бошланғич нуқта бўлади.
Тадбирда 30 йилдан буён мамлакатимиз бозор инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиб келаётган ЎзРТХБни ривожланишининг асосий жиҳатлари ҳамда унинг стратегик мақсадлари ва ривожланиш истиқболлари тақдим этилади.
Бундан ташқари, тадбирда маърузачилар “Халқчил IPO” дастурининг Ўзбекистон капитал бозори учун аҳамияти, мавжуд оммабоп электрон платформалар орқали ариза топшириш имкониятлари ва тартиблари ҳақида сўз юритадилар. Шунингдек, тақдимот давомида битим параметрлари тафсилотлари ошкор қилинади.
Ўз навбатида, иштирокчилар ЎзРТХБнинг молиявий истиқболлари ва дивиденд сиёсати ҳақида батафсил маълумотга эга бўладилар.
Ушбу тадбирни жонли эфирда “Халқчил IPO” расмий саҳифалари орқали кузатиш имконияти бўлади.
Жонли эфир ҳаволаси: http://www.youtube.com/@xalqchilipo