Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Сентябрь 2024

“Uz-Koram Kompani” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёни юзасидан ахборот

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 17 июль куни чоп этилган эълонга мувофиқ, “Uz-Koram Kompani” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини (кейинги ўринларда – "Актив") хусусийлаштириш жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланган.

Аввал маълум қилинганидек, ушбу Активни хусусийлаштириш жараёнини илғор халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун Portfolio Investments (кейинги ўринларда – "Консультант") компанияси хусусийлаштириш бўйича Консультант сифатида жалб этилган.

Аризаларни қабул қилиш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 2024 йил 4 сентябрга қадар 5 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар Консультантга келиб тушган.

Давактив агентлиги ҳамда хусусийлаштириш бўйича Консультант томонидан келиб тушган барча аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланган:

  • барқарор молиявий ҳолати (МҲХС бўйича текширилган молиявий ҳисоботлари билан тасдиқланган) ва эҳтимолий битимни кафолатланган молиялаштириш қобилияти;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания эмаслиги;
  • Талабгор ва улар билан боғлиқ бўлган шахслардан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги, шунингдек келажакда бундай рўйхатларга кириш эҳтимолининг пастлиги.

Келиб тушган аризаларни юқоридаги мезон талаблари асосида Консультант томонидан чуқур ўрганиш натижасида, 4 нафар талабгорларнинг аризалари юқоридаги мезон талабларига тўлиқ мос деб топилган ҳамда 1 нафар талабгор ушбу босқичда белгиланган мезонларга мувофиқ ҳужжатларни тақдим этмаганлиги ва активни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги келтирилмаганлиги сабабли жараённинг навбатдаги босқичига ўтказилмайди. Жараённинг мазкур босқичи натижалари 5 нафар талабгорларнинг ҳар бирига Консультант томонидан индивидуал хат (Process Letter) орқали маълум қилинади.

Шунга кўра, Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичидан муваффақиятли ўтган 4 нафар талабгорлар, хусусийлаштириш жараёнининг келгуси Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади.

Талабгорлар томонидан Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзолангандан сўнг, уларга Консультант томонидан тайёрланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти берилади. Ушбу маълумотлар хонаси Актив тўғрисида батафсил маълумотларни, жумладан, тарихий ва прогнозли молиявий кўрсаткичлари каби ахборотларни ўз ичига олади.

Консультант томонидан Активни сотиб олиш нархи бўйича Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) 2024 йил 16 октябрь соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар қадар қабул қилинади.

Шу билан бирга, мазкур муддатга қадар талабгорлар томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали таклиф этиладиган Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (заклад) сифатида “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖнинг тегишли ҳисоб рақамига ўтказиш талаб этилади. “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинет ва ҳисоб-рақам кўрсаткичлари Консультант томонидан иштирокчиларга юбориладиган жараён тўғрисидаги индивидуал хатлар (Process Letter) орқали етказилади.

Бунда, мазкур кафолат тўлови талабгорлар ғолиб деб топилмаган тақдирда уларнинг шахсий кабинетига қайтарилади, ғолиб бўлган тақдирларида - сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида ҳисобга олинади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан келгусидаги конструктив ҳамкорликни шаффоф муҳитда давом эттиради.

Дисклеймер

Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги ва “Portfolio Investments”нинг Активни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва “Portfolio Investments” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги ва “Portfolio Investments” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

6099 Чоп этиш