Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

10 Октябрь 2024

Бир қатор давлат активларининг хусусийлаштириш жараёнлари юзасидан ахборот

I. Давактив агентлигининг жорий йил 7 августдаги “Автокомпонент” МЧЖ ва “Avto Climate Control” МЧЖ устав капиталларидаги 100% давлат улушини сотиш жараёни бошланганлиги ҳамда 20 сентябрдаги аризаларни қабул қилиш муддатини узайтирилганлиги тўғрисидаги эълонларига мувофиқ, қуйидагилар маълум қилинади.

Давактив агентлиги ушбу жамиятларни хусусийлаштириш бўйича консультант “Portfolio Investments” компаниясига бир қатор хорижий ва маҳаллий инвесторлардан келиб тушган сўровлардан келиб чиқиб, берган тавсияcига асосан, сотиш жараёнларини рақобат муҳитида ўтказиш мақсадида, барча манфаатдор томонларга “Автокомпонент” МЧЖ ва “Avto Climate Control” МЧЖдаги давлат улушини хусусийлаштириш юзасидан қизиқиш билдириш (Express of Interest) бўйича аризаларни қабул қилиш муддатини 2024 йил 30 октябрь куни соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар узайтирилганлигини маълум қилади.

Қизиқиш билдирилган тақдирда, аризаларни қуйидаги электрон почта манзилига юбориш лозим: munir.yakubov@piamg.uz

Аввалги чоп этилган Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичи бошланганлиги тўғрисидаги эълонларнинг қолган барча бандлари ўзгаришсиз қолмоқда.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнларининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликни қўшимча тарзда хабардор қилиб борилишини таъминлайди.

II. Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 22 июль ҳамда 20 сентябрь кунидаги чоп этилган эълонларга мувофиқ, “Uzinjiniring” respublika loyiha instituti” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини (кейинги ўринларда – "Актив") хусусийлаштириш жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи ташкил этилган.

Ўз навбатида, ушбу Активни хусусийлаштириш жараёнини илғор халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун “Abrau Capital” (кейинги ўринларда – "Консультант") компанияси хусусийлаштириш бўйича Консультант сифатида жалб этилган.

Аризаларни қабул қилиш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 3 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар Консультантга келиб тушган.

Консультант томонидан келиб тушган барча аризалар аввал маълум қилинган қуйидаги мезонлар асосида ўрганиб чиқилган:

  • Активни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания эмаслиги;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Консультант томонидан келиб тушган аризаларни юқоридаги мезон талаблари асосида Консультант томонидан чуқур ўрганиш натижасида, барча талабгорларнинг аризалари юқоридаги мезон талабларига тўлиқ мос деб топилган ва хусусийлаштириш жараёнининг навбатдаги босқичига ўтказиш таклиф этилган.

Консультант томонидан Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичида ариза берган барча талабгорларга индивидуал равишда хабарнома юборилиб навбатдаги босқич тўғрисида батафсил маълумот берилади.

Навбатдаги босқич тўғрисида маълумот:

Талабгорларга Мажбуриятга эга бўлган таклифларини (BO) тайёрлаш учун Актив тўғрисидаги Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)ни имзолаган ҳолда Консультант томонидан тайёрланган Активнинг молиявий, юридик ва операцион фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, аналитик ҳисоботлар жойланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти берилади.

Консультант томонидан Активни сотиб олиш нархи бўйича Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) 2024 йил 30 октябрь соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар қабул қилинади.

Шу билан бирга, мазкур муддатга қадар талабгорлар томонидан E-auksion электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (закалат) сифатида ўтказиш талаб этилади. Бунда, мазкур кафолат тўлови (закалат) жараён якунида иштирокчиларга қайтарилади, хусусийлаштириш жараёни ғолиби бўлган талабгорнинг кафолат тўлови (закалати) – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида Хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилади.

“E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинет ва ҳисоб-рақам кўрсаткичлари Консультант томонидан иштирокчиларга юбориладиган жараён тўғрисидаги индивидуал хат (process letter) орқали етказилади.

Бунда, мазкур кафолат тўлови талабгорлар ғолиб деб топилмаган тақдирда уларнинг шахсий кабинетига қайтарилади, ғолиб бўлган тақдирларида - сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида ҳисобга олинади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан жараённинг навбатдаги босқичида конструктив ҳамкорликка ишонч билдиради.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнларининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликни қўшимча тарзда хабардор қилиб борилишини таъминлайди.

7033 Чоп этиш