Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

30 Сентябрь 2024

“Халқчил IPO” дастурига старт берилди: “Roadshow” тақдимоти тафсилотлари

Жорий йил 26 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасида “Халқчил IPO” дастури доирасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (ЎзРТХБ) акцияларини оммавий жойлаштиришга бағишланган “Roadshow” тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир мамлакатнинг иқтисодий сектори, вазирлик ва идоралар вакиллари, хорижий молиявий институтлар, илғор тадбиркорлар, экспертлар ва консалтинг компаниялар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларини бирлаштирди.

Тақдимот бошида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиков сўзга чиқиб, “Халқчил IPO” дастурининг мақсад ва вазифалари, имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Юртдошларимизни йирик давлат корхоналарининг акциядорлари, мулкдори бўлишлари учун ушбу “Халқчил IPO” дастури ишлаб чиқилган.

Умуман олганда бизнинг мақсадимиз, аҳолимиз ушбу акцияларни сотиб олиш орқали қўшимча даромад манбаига эга бўлишлари билан бир қаторда, фонд бозорининг жонланишига ва ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшади деган умиддамиз.

Шунинг учун, барча аҳолимиздан ушбу “Халқчил IPO” жараёнларида фаол иштирок этиб, ушбу ноёб имкониятдан фойдаланиб олишларини сўраб қоламиз.” – деди Акмалхон Ортиков.

 

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак ўз нутқида “Халқчил IPO” дастурининг ҳуқуқий асослари хақида сўз олиб борди:

“Таъкидлашни истардимки, ушбу ҳодиса ва “Халқчил IPO”нинг ўтказилиши жуда муҳимдир, чунки у кенг жамоатчиликнинг инвестиция маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришга, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтиришга ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга, шунингдек, инвесторларни жалб қиладиган янги ва қизиқарли акцияларни пайдо бўлишига хизмат қилади.

Ушбу давлат компанияларининг акциялари “Халқчил IPO” доирасида сотилиши натижасида миноритар акциядорлар сони кўпаяди. Шу нуқтаи назардан, Агентлик миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратади.”

 

Тадбир давомида, “Халқчил IPO” дастури доирасида Стратегик консультант сифатида жалб қилинган “KPMG” халқаро консалтинг компаниясининг Инвестициялар ва капитал бозорлари бўлими директори ўринбосари Мадина Сарсекеева сўзга чиқиб, “Халқчил IPO” дастурининг капитал бозори учун аҳамияти ва бу йўналишдаги хорижий тажриба юзасидан батафсил маълумот бериб ўтди.

“Халқчил IPO” нафақат давлат активларини аҳоли ўртасида қайта тақсимлайди, балки фуқароларнинг мамлакат иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиши учун асос яратади. Аммо дастурни муваффақиятли амалга ошириш учун замонавий инфратузилма ва шаффоф корпоратив бошқарув мавжуд бўлиши кераклигини англаш муҳим. Бу омиллар Ўзбекистон фонд бозорига узоқ муддатли барқарорлик ва ишонч учун мустаҳкам пойдевор яратади.

“Халқчил IPO” дастури фақат инвестиция жалб қилиш воситаси эмас, балки ҳар бир фуқарога мамлакат келажагини шакллантиришда иштирок этиш имкониятини берадиган барқарор, ишончли ва шаффоф молия бозорини яратиш йўлидаги муҳим қадамдир.” – деб таъкидлади Мадина Сарсекеева.

 

Шу билан бирга, “ЎзРТХБ” АЖ бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов ўз нутқида ЎзРТХБнинг стратегик мақсадлари ва ривожланиш истиқболлари ҳақида кенг маълумот берди:

“Биржа Марказий Осиё ва МДҲ давлатлар биржалари ўртасида яратилган инфратузилма, рақамли хизматлар ва савдо ҳажмлари бўйича етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.

“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги биржага “B” – барқарор рейтингини, “Катта тўртлик”га кирувчи “ERNST & YOUNG” халқаро аудиторлик ташкилоти эса ижобий аудит хулосасини беришган.

Сўнгги 5 йил давомида биржанинг барча электрон савдо тизимларида тузилган битимлар бўйича рекорд кўрсаткичларга эришилди. Хусусан, ўтган даврда Биржа орқали тузилган битимлар ҳажми 3,5 маротаба ўсиб, йиллик 150 триллион сўмлик савдолар ўтказилди, биржанинг рентабеллиги 2 баробарга, даромади 3 баробардан, соф фойда деярли 4 баробарга ошди.

Биржада ўтказиладиган савдолар ҳажмининг йиллик ўсишини 20-25% атрофида сақланишини, соф фойдани ҳар йили ўртача 30-35%га ўсишини таъминлаш ва унинг камида 85%ни дивидендларни тўлашга йўналтириш - Биржа фаолиятининг келгуси йиллардаги устувор йўналишларидан.”

 

Бундан ташқари, тадбирда маърузачилар томонидан “Халқчил IPO” дастури доирасида мавжуд оммабоп электрон платформалар орқали акцияларни сотиб олиш бўйича буюртма беришнинг янги имкониятлари ва тартиблари ҳақида сўз юритилди.

Жумладан, “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ директори Соҳибжон Муродов ўз нутқида, ЎзРТХБ акцияларининг оммавий таклифини ўтказиш жараёнида буюртмаларни қабул қилиш “Тошкент” РФБ савдо майдончасида амалда бўлган жараёнга қўшимча равишда, фуқаролар ўртасида оммалашишга улгурган ва фойдаланувчиларга қулай бўлган “E-auksion” электрон савдо платформаси, шу жумладан унинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда 24/7 онлайн режимида амалга оширилиши истиқболлари юзасидан тушунтиришлар берди.

“Бугунги кунда 2 миллионга яқин аҳоли “E-auksion” платформасида актив фойдаланувчи ҳисобланади. Ҳозирда республикамиздаги 10 мингга яқин маҳалладан 9 400 тасида яшовчи фуқаролар “E-auksion” платформаси орқали рўйхатдан ўтган ва бугунги кунда ахборот технологияларидан бирламчи базавий билимга эга бўлган. Платформа ушбу фуқароларни фонд бозорига жалб қилишга қўшимча имконият яратади.” – деб таъкидлаб ўтди Соҳибжон Муродов.

 

Шунингдек, тақдимот давомида “Халқчил IPO” дастури доирасида андеррайтер сифатида жалб қилинган “KapDepo” инвестиция компаниясининг директори Фаррух Хўжаев битим параметрлари тафсилотларини ошкор қилиб, ЎзРТХБнинг 3,3 млн.дона акцияларининг (устав фондидаги 4,4%) “битта акция – битта лот” тамойили асосида сотуви юзасидан батафсил маълумотлар берди.

“ЎзРТХБнинг акциялари оммавий таклифидан сўнг,  бизнинг таҳлилчиларимизнинг прогнозларига кўра, 1 йилда давомида акциялар нархи 30 фоизга ошади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахсларнинг 1000 тагача акция сотиб олиш бўйича аризалари биринчи ўринда қаноатлантирилади. Резидент юридик шахсларнинг аризалари иккинчи навбатда кўриб чиқилади, бошқа тоифадаги инвесторларнинг аризалари эса сўнгги навбатда қаноатлантирилади” – таъкидлади Фаррух Хўжаев.

 

Тадбир якунида KapDepo инвестиция компанияси таҳлилчиси Музаффар Розиқов акцияларни сотиб олишга рўйхатдан ўтиш ва буюртма бериш тартиби юзасидан тушунтириш бериб ўтди. Ундан ташқари, “E-auksion” платформаси ва “Go Invest” мобил иловаси орқали акция сотиб олишнинг босқичлари тўғрисида ҳам назарий, ҳам амалий тарзда тақдимоти билан таништирди.

“Биз “Халқчил IPO”ни чекка ҳудудларга етказиш мақсадида, ҳар бир фуқарога осон бўлган брокерлик ҳисоб рақамини очиш, акцияларни сотиб олиш имкониятини яратиш учун “Go Invest” мобил иловасини ишлаб чиқдик. Илова KapDepo ва Satori консорциуми билан биргаликда ишлаб чиқилди. Ушбу илова бугунги кунда биринчи уникал мобил иловадан бири бўлади.”

 

Ўз ўрнида, “Халқчил IPO” дастури иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, капитал бозорини ривожлантириш ва фуқароларни молиявий даромад манбаига эга бўлишига хизмат қилиб, кенг аҳоли қатламларини мамлакатнинг етакчи давлат компанияларига инвестиция киритишига жалб қилиш учун бошланғич нуқта бўлади.

Юртдошларимизни республикадаги энг йирик компанияларнинг акциядорлари – эгалари бўлиш ва уларни бошқаришда иштирок этиш имкониятидан фойдаланишга чорлаймиз!

7256 Чоп этиш