Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

23 Октябрь 2024

Давлат мулкини бошқариш тартиби такомиллаштирилмоқда

Жорий йил 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–980-сон Қонун имзоланди.

Қонун билан 1 та кодекс ва 10 қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

  • Гаров тўғрисидаги Қонунда хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкини, шунингдек, давлат ташкилотини хўжалик жамияти этиб ўзгартирилаётган даврида мазкур давлат ташкилотига бириктирилган давлат мулкини гаровга бериш мумкин эмаслиги белгиланди;
  • Жиноят кодексининг саккизинчи бўлимида давлат иштирокидаги ташкилотнинг атамаси янги таҳрирда берилди;
  • Баҳолаш фаолияти тўғрисидаги Қонунда давлат ташкилоти хўжалик жамияти этиб ўзгартирилаётганда баҳолаш талаб этилмаслиги белгиланди;
  • масъулияти чекланган жамиятлардаги давлат улушларини хусусийлаштиришда рақобатга асосланган оммавий савдолар орқали амалга ошириш тизими жорий этилмоқда;
  • “Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритилиб, устав фондидаги (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятларининг ҳомийликка сарфланадиган ҳар йилги харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 3 фоизидан ошмаслиги кераклиги қайд этилди;
  • Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги Қонунда “Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси” давлат унитар корхонаси акциядорлик жамияти сифатида қайта ташкил этилганлиги сабабли “давлат депозитарийси” сўзлари “ташкилот” сўзларига ўзгартирилди. Шунингдек депозитарий хизматлари учун тарифларнинг миқдорлари жамият бошқарув органлари томонидан ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқланиши белгиланди;
  • Давлат божи тўғрисидаги ва Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунларда Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази” сўзлари “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази” сўзларига ўзгартирилди;
  • Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги Қонунда давлат иштирокидаги корхоналарда самарали дивиденд сиёсати юритилишини мувофиқлаштириш Давактив агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Ушбу Қонун давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилишига, махсус ваколатли органнинг ваколатлари ва устувор йўналишларини белгилаш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтиришга, хусусийлаштириш жараёнлари очиқ ва ошкора бўлишига хизмат қилади.

Маълумот учун, мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 16 июлда қабул қилинган, Сенат томонидан 2024 йил 21 сентябрда маъқулланган ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

5845 Чоп этиш