Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Октябрь 2024

Давактив агентлигида Татьяна Проскурякова Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг янги раҳбари сифатида иш бошлаганлиги муносабати билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йил 2 октябрь куни Давактив агентлигида Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашув бошида Давактив агентлиги директори А.Ортиков жорий йилнинг июль ойидан Тошкент шаҳрида Жаҳон банкининг минтақавий ваколатхонаси фаолиятини бошлаганлиги, шунингдек, Татьяна Проскурякова Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг янги раҳбари лавозимида иш бошлаганлиги муносабати билан, унинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар, юксак марралар ва натижаларга эришиш юзасидан тилаклар билдирди.

Шу билан бирга, икки томонлама ҳамкорлик самарали тус олиб, ислоҳотлар кесимида ўзининг муҳим натижаларини кўрсатишга улгургани, хусусан, Жаҳон банки билан яқин ҳамкорликда “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ва “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинганлигига алоҳида эътибор қаратиб ўтилди.

Шунингдек, ишлаб чиқилган фундаментал ҳужжатларнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёнларининг самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини берганлиги эътироф этилди.

Жорий йил бошида Президент қарори билан 2024 йилга мўлжалланган янги хусусийлаштириш дастури тасдиқланганлиги, унга кўра 247 та давлат корхоналари акциялари ва 1000 дан ортиқ кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш, шунингдек, йирик давлат компаниялари акцияларини маҳаллий ва халқаро бозорларда IPO ва SPO шаклида оммавий жойлаштириш кўзда тутилганлиги ҳам эслатиб ўтилди.

Ўз навбатида, учрашув давомида томонлар жорий лойиҳаларга ҳам тўхталиб, “Жаҳон банкининг Ўзбекистонда институционал салоҳиятни ошириш” (IBL) лойиҳаси доирасида Давлат корхоналари фаолиятини мониторинг қилиш тизимини автоматлаштириш дастурини ишлаб чиқиш (BI-система) ҳамда Давлат корхоналарини корпоратив бошқарув тизимлари ва ягона сиёсатини такомиллаштириш бўйича халқаро маслаҳатчини жалб қилиш каби лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарблиги ва уни жадаллаштириш зарурлигини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, Давактив агентлиги томонидан 2025-2030 йилларга мўлжалланган давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилганлиги маълум қилинди. Шу муносабат билан Жаҳон банки ушбу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқишда техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликда амалга оширилаётган жорий лойиҳаларни жадаллаштириш механизмлари вa қўшма ҳаракатларини атрофлича муҳокама қилиб, янги истиқболли ташаббусларини биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

7025 Чоп этиш