Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

05 Декабрь 2024

Давактив агентлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни ҳамда Аксилкоррупция ойлиги доирасида давра суҳбати ўтказилди

Жорий йилнинг 5 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги ва “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш” кунига бағишланган “Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” ҳамда Аксилкоррупция ойлиги доирасида “Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир” мавзуларида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида, Давактив агентлиги директори ўринбосари, Агентлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбар ва ходимлари, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура бошқармаси катта прокурори Ш.Ҳақбердиев, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Н.Самандарова ҳамда Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори С.Ниёзова иштирок этишди.

Директор ўринбосари янгиланган Конституциямизнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти, ундаги асосий тушунчалар, Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги, бу эса – мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб беришини таъкидлади.

Бундан ташқари, мамлакатимиздаги барча соҳаларда, жумладан, Давактив агентлигининг асосий йўналишларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, хизмат кўрсатишда инсон омилини камайтириш ва рақамлаштириш орқали тизимда коррупциянинг олдини олиш, бунга имкон яратувчи омилларни бартараф этишга алоҳида аҳамият қаратилаётганлигини қайд этиб, Давактив агентлиги томонидан бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида фикрларини билдирди.

Шундан сўнг, Тошкент давлат юридик университети профессори, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими ҳамда Бош прокуратура бошқармаси катта прокурори сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янгиланиш тарихи, унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни, шунингдек коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлар, унинг ҳуқуқий асослари, халқаро рейтинг ва индекслар, ҳамда халқаро давлатлар тажрибалари, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.

Тадбир сўнгида, Давактив агентлиги тизим ходимларининг Конституция ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган “Тафаккур” интеллектуал ўйини ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Давактив агентлиги томонидан бу борадаги ишлар келгусида ҳам давом эттирилиб, тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг ҳар қандай кўринишига муросасиз кураш олиб бориш, коррупция хавфини камайтириш, кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш борасидаги ишлар давом эттирилади.

1055 Чоп этиш